Тарихга назар ташласак, ўзбек миллати узоқ ва мураккаб тарихий жараёнларда турли халқларга мансуб бўлган қабила ҳамда уруғларнинг ўзаро аралашиб, қўшилиб кетиши натижасида шаклланганлигини кўрамиз. Халқимиз ичида туркий халқларга мансуб бўлган қорақалпоқ, уйғур, қирғиз, қозоқ, татар, турк миллат вакиллари билан бирга форс-тожик, араб, рус, лўли, мўғул, корейс каби бошқа халқ вакилларини учратишимиз мумкин. Маълумки, ўзбек халқининг миллат бўлиб уюшувида кўплаб этник гуруҳлар ўз улушини қўшган ва бу гуруҳ номлари, уларнинг маданияти, тили, халқимиз ўтмишини яратишда муҳим манба ҳисобланади. Ушбу этник гуруҳлар номи ва шу асосда юзага келган жой номларини тадқиқ қилишда этнотопонимлар алоҳида ўрин тутади.